• UZRUEN
  • uzbekistan flag uzbekistan emblem

Doktorlik dissertasiyasini va dissertasiya avtoreferatini rasmiylashtirish

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2015 йил 20 мартдаги 214/8-сонли «Докторлик диссертацияси ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

2015 йил 14 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2665 (2015 йил 20 апрелдан кучга кирди).

Докторлик диссертацияси ва диссертация авторефератини расмийлаштириш

ҚОИДАЛАРИ

 

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сонли «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сонли «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ докторлик диссертацияси ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидаларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Докторлик диссертацияни расмийлаштиришда қуйидаги умумий талабларга риоя қилиниши лозим:
  • матн таҳририй жиҳатдан равон, хатосиз ва уни расмийлаштиришга қўйиладиган талабларга мувофиқ ҳамда мантиқий боғлиқликда бўлиши;
  • диссертациянинг таркибий қисмлари бир-бири билан ўзаро боғлиқлик ва алоқадорликда ҳамда тушунарли равишда мантиқий изчилликда ёритилиши;
  • ҳар бир бобда ишнинг мазмун-моҳияти тадқиқотнинг мақсади ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда тизимли равишда очиб берилиши;
  • ҳар бир бобнинг охирида тадқиқ қилинган муаммолар бўйича хулоса ва таклифлар берилиши;
  • баён қилинган хулоса диссертация тадқиқотининг мантиқий ҳосиласи сифатида ишончли манбалар асосида аниқ ва қисқа ифодаланиши, чуқур фикр-мулоҳазалар, етарли илмий далиллар асосида исботланган бўлиши ва диссертацияга киритилиши.
  1. Докторлик диссертацияси авторефератида тадқиқотнинг мақсади ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ишнинг илмий янгилиги, амалий натижалари ва илмий натижаларининг амалиётга жорий этилганлиги ҳамда ишнинг моҳияти очиб берилганлиги, шунингдек хулосалари баён этилиши лозим.

 

2-боб. Докторлик диссертациясини расмийлаштириш

1-§. Докторлик диссертациясига қўйиладиган талаблар

  1. Диссертацияни расмийлаштириш катта илмий ходим-изланувчи ва мустақил изланувчининг танлови бўйича ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси билан келишган ҳолда бошқа тилда амалга оширилади.
  2. Диссертациянинг титул варағи мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.
  3. Диссертация қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши лозим:
  • мундарижа;
  • кириш (докторлик диссертацияси аннотацияси);
  • асосий қисм;
  • хулоса;
  • фойдаланилган адабиётлар рўйхати;
  • шартли белгилар ва атамалар рўйхати (мавжуд бўлса);
  • иловалар (мавжуд бўлса).
  1. Диссертациянинг мундарижасида боблар ва параграфларнинг номланиши ҳамда уларнинг бети кўрсатилади.
  2. Диссертациянинг кириш қисми тадқиқотнинг моҳияти тўғрисида қисқа, лекин яхлит тасаввур ҳосил қилишга имкон бериши керак. Мазкур қисмда диссертация тадқиқоти моҳиятини тавсифлайдиган асосий маълумотлар пухта таҳрир қилинган, қисқа, аниқ ва равон бўлиши керак.
  3. Диссертациянинг кириш қисмида қуйидагилар ёритиб берилиши керак.
  • диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати;
  • тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг асосий устувор йўналишларига боғлиқлиги;
  • диссертациянинг мавзуси бўйича хорижий илмий-тадқиқотлар шарҳи;
  • муаммонинг ўрганилганлик даражаси;
  • диссертация мавзусининг диссертация бажарилаётган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасининг илмий-тадқиқот ишлари билан боғлиқлиги;
  • тадқиқотнинг мақсади;
  • тадқиқотнинг вазифалари;
  • тадқиқотнинг объекти;
  • тадқиқотнинг предмети;
  • тадқиқотнинг усуллари;
  • тадқиқотининг илмий янгилиги;
  • тадқиқотнинг амалий натижаси;
  • тадқиқот натижаларининг ишончлилиги;
  • тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти;
  • тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши;
  • тадқиқот натижаларининг апробацияси;
  • тадқиқот натижаларининг эълон қилиниши;
  • диссертациянинг ҳажми ва тузилиши.
  1. Диссертациянинг асосий қисмида ишнинг мазмун-моҳияти баён қилинади. Асосий қисм — боблар ва параграфлардан ташкил топади.
  2. Диссертациянинг асосий қисми камида тўртта бобдан иборат бўлиши лозим.
  3. Диссертация хулосасида диссертация тадқиқоти бўйича умумлаштирилган хулоса, фикр, таклиф ҳамда тавсиялар қисқа ва аниқ келтирилади. Хулоса таҳририй жиҳатдан пухта, қисқа, аниқ ва равшан ифодаланиб, бандланган (рақамланган) ҳолда расмийлаштирилади.
  4. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати диссертация матнида ҳавола қилинган барча илмий ва бошқа нашрлар рўйхатидан иборат бўлиши керак.
  5. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати қуйидаги уч қисмдан иборат бўлади:
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва методологик аҳамиятга молик нашрлар;
  • монография, илмий мақола, патент, илмий тўпламлар;
  • фойдаланилган бошқа адабиётлар.
  • Фойдаланилган адабиётлар рўйхати алифбо, систематик ёки матнда ҳавола қилиниши кетма-кетлиги тарзида келтирилади.

Диссертацияда фойдаланилмаган ва ҳавола қилинмаган адабиётларни рўйхатга киритишга йўл қўйилмайди.

  1. Диссертацияда фойдаланган материаллар манбаи, унинг муаллифи ва номи тўлиқ кўрсатилиши лозим. Диссертацияда илмий иш ёзишда иштирок этган ҳаммуаллифларнинг ғоя ёки ишланмаларидан фойдаланилган тақдирда, улар диссертация ва диссертация авторефератида қайд этилиши шарт.
  2. Диссертациянинг шартли белгилар ва атамалар рўйхати қисмида диссертация матнида нисбатан кўп учрайдиган махсус белгилар ва қисқартма сўзларга изоҳ берилиши керак.
  3. Диссертациянинг иловалари диссертациянинг асосий матни билан бирга битта жилдга жамланган ёки алоҳида жилд шаклида расмийлаштирилиши мумкин. Иловаларга диссертация матнини тўлдирадиган ва тасвирлайдиган ёрдамчи материаллар киритилиши мумкин.

Иловаларнинг кетма-кетлиги диссертация матнида уларга ҳавола қилиш тартибига мос келиши керак.

2-§. Докторлик диссертацияси матнининг расмийлаштирилишига қўйиладиган талаблар

  1. Диссертация матни 200 саҳифадан ошмаслиги керак. Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишидаги диссертация ҳажми кўпи билан 30 фоизга оширилиши мумкин. Мундарижа, фойдаланилган адабиётлар рўйхати, шартли белгилар ва атамалар рўйхати ҳамда иловалар кўрсатилган ҳажмга киритилмайди.
  2. Диссертация матни А4 форматдаги қоғоз варағининг бир томонида жойлашиши ва қоида тариқасида, стандарт варақ 1,5 қатор оралиғида («полуторный») ёзилиши лозим. Ҳар бир бет: юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.

Матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда «Тimеs Nеw Rоmаn» 14 ўлчамли шрифтда «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.

  1. Бетлар титул варағидан бошлаб охирги варақгача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титул варағига 1 рақами қўйилмайди.
  2. Диссертациянинг мундарижаси, кириш қисми, ҳар бир боби, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.
  3. Диссертация таркибий қисмларининг бош сарлавҳалари («Мундарижа», «Кириш», «Хулоса», «Фойдаланилган адабиётлар рўйхати» ва бошқалар) бош ҳарфларда ёзилади.
  4. Боблар рим рақамлари билан рақамланади ва сарлавҳаларга эга бўлади. Параграфла𠫧» белгиси билан белгиланади, араб рақамлари билан рақамланади ва сарлавҳаларга эга бўлади.

Боблар ва параграфлар сарлавҳаларининг юқори ва пастки қисмидан 12 ўлчамли («пт») оралиқ қолдирилиши керак.

  1. Диссертация матнида фойдаланилган адабиётлардан олинган материалга ҳавола қилинганда, унинг фойдаланилган адабиётлар рўйхатидаги тартиб рақами ва шу адабиётга иқтибос материал жойлашган бет қавс ичида, диссертация матнининг ўзида алоҳида кўрсатилади (масалан: [1; 25 — 26-б.]).
  2. Сурат, фотосурат, график, чизма, диаграмма ва шу кабилар «расм» сўзи билан ифодаланиб, улар варақда кўриш учун қулай тарзда жойлаштирилиши керак.
  3. Расмлар улар жойлашган боблар тартиб рақами кўрсатилган ҳолда, изчил кетма-кетликда, расмнинг пастида ўрта қисмида рақамланади (масалан: «1.1-расм.»), иловаларда келтирилган расмлар бундан мустасно.

Ҳар бир расм номланиши керак. Расмнинг номи унинг остига ёзилади.

Зарур ҳолларда расмга изоҳ берилиши мумкин ва у ҳам расмнинг остига қўйилади.

  1. Рақамли материаллар жадвал кўринишида расмийлаштирилиши мумкин. Жадваллар улар жойлашган боблар тартиб рақами кўрсатилган ҳолда, изчил кетма-кетликда, жадвалнинг тепа ўнг бурчак қисмида рақамланади (масалан: «1.1-жадвал.»).

Ҳар бир жадвал номланиши керак. Жадвалнинг номи унинг устига ёзилади.

  1. Диссертация матнида бериладиган формулалар (тенгламалар) «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторининг «Формула» функцияси ёрдамида аниқ ёзилган бўлиши шарт. Катта ва кичик ҳарфлар, юқори ва пастки индекслар формулада аниқ берилиши керак.

Формула учун белгиларнинг ўлчами қуйидагича ифодаланиши тавсия этилади:

  • катта ҳарфлар ва рақамлар 5-6 мм;
  • кичик ҳарфлар 3 мм дан кам бўлмаган;
  • даража кўрсаткичлари ва индекслари 2 мм дан кам бўлмаган ҳажмда.
  • Формула ва тегишли материал «LaTeX» форматида берилиши мумкин.
  • Белгиларнинг маънолари бевосита формула остида уларнинг формуладаги кетма-кетлиги бўйича берилади. Ҳар бир белгининг маъноси янги қатордан берилиши лозим. Берилган маъноларнинг биринчи қатори «бунда» деган сўз билан икки нуқтасиз бошланади.
  • Формулалар матндан алоҳида бўш қаторлар билан ажратиб ёзилади. Ҳар бир формуланинг юқори ва пастки томонларидан 12 ўлчамли («пт») оралиқ қолдирилиши керак.
  • Агар тенглама битта қаторга сиғмаса, сиғмаган қисм тенглик белгиси «=» ёки қўшиш «+», айириш «–», кўпайтириш «х» ва бўлиш «:» белгиларидан кейин кўчирилиши керак.
  • Ҳар бир формула у жойлашган боб тартиб рақами кўрсатилган ҳолда, изчил кетма-кетликда, формуланинг ўнг томонида қавс ичида рақамланади (масалан: «(1.1)»).
  1. Диссертация матнида кўрсатилган расм, жадвал ёки формулага ҳавола қилинганда, қавс ичида тегишли расм, жадвал ёки формуланинг рақами (белгиси) келтирилиб, «қаранг» деган сўз қўлланилади (масалан: («1.3-жадвалга қаранг»).
  2. Диссертация матнида бериладиган изоҳлар изчил кетма-кетликда рақамланади (масалан: «Изоҳ 1.:»).
  3. Диссертация матнида кўрсатилган шахсларнинг Ф.И.О. ҳамда ташкилот ва маҳсулотларнинг номлари ва бошқа атоқли отлар ўзгартирилиб ёзилишига йўл қўйилмайди.
  4. Диссертациянинг иловалари алоҳида бетларда расмийлаштирилиб, изчил кетма-кетликда рақамланади ва «илова» деган сўз билан ифодаланади (масалан: «1-илова»). Илова тегишли сарлавҳага эга бўлади.

Иловалар диссертациядан алоҳида жилдда расмийлаштирилганда, жилднинг титул варағида диссертация мавзусининг номи ва унинг остида бош ҳарфлар билан «Иловалар» деган сўз ёзилади.

 

3-боб. Докторлик диссертацияси авторефератини расмийлаштириш

1-§. Докторлик диссертацияси авторефератига қўйиладиган талаблар

  1. Диссертация автореферати рисола кўринишида тайёрланиб, унинг муқоваси мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади. Бунда асосий муқоваси оқ-ялтироқ қоғозда ва ички муқовалари (ўзбек, рус ва инглиз тилларида алоҳида) оқ қоғозда расмийлаштирилади.
  2. Диссертация автореферати асосий муқовасининг орқа томонида диссертация авторефератининг мундарижаси кўрсатилади.
  3. Ички муқоваларнинг орқа томони мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда, тегишлича рус ва инглиз тилларига таржима қилинган ҳолда расмийлаштирилади.
  4. Диссертация автореферати қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши лозим:
  • кириш (докторлик диссертацияси аннотацияси);
  • диссертациянинг асосий мазмуни;
  • хулоса;
  • эълон қилинган ишлар рўйхати.
  1. Диссертация авторефератининг кириш қисми диссертациянинг кириш қисми билан айнан бир хил бўлиши лозим.
  2. Диссертациянинг асосий мазмуни қисмида диссертациянинг моҳияти қисқача баён қилиниб, тадқиқот мақсадига эришилганлиги ва вазифаларининг бажарилганлиги кўрсатиб берилиши керак.
  3. Хулоса қисмида диссертация тадқиқоти бўйича хулосалар, таклиф ва тавсиялар ҳамда амалиётга жорий этилиши мумкин бўлган натижалар келтирилади.
  4. Эълон қилинган ишлар рўйхатида диссертация мавзуси бўйича чоп этилган илмий ишлар рўйхати кўрсатилади. Улар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб изчил кетма-кетликда рақамланади:
  • монография;
  • патент;
  • илмий мақола;
  • илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари.
  1. Нашр қилинган илмий ишлар рўйхати қуйидаги икки бўлимдан иборат бўлиши лозим:
  • биринчи бўлимда — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан докторлик диссертацияларининг асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган рўйхатдаги илмий нашрларда чиқарилган илмий ишлар ва олинган патентлар кўрсатилади. Бунда кўрсатилган ҳар бир илмий ишнинг фан тармоғи шифри ва чоп этиш учун тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатидаги тартиб рақами қавс ичида ёзиб қўйилади (масалан: 01.00.00; № 15);
  • иккинчи бўлимда — бошқа илмий нашрлар.
  1. Зарур ҳолларда, авторефератда муҳим бўлган расм, жадвал ҳамда формулалар ва шу кабилар кўрсатилиши мумкин. Улар бутун автореферат бўйича изчил кетма-кетликда рақамланади.

2-§. Докторлик диссертацияси автореферати матнининг расмийлаштирилишига қўйиладиган талаблар

  1. Диссертация автореферати халқаро экспертизадан ўтказиш ва илмий ютуқларни тарғиб қилиш мақсадида ўзбек, рус ва инглиз тилларида 4,5 босма табоқ, хусусан, ўзбек, рус ва инглиз тилларида ҳар бири бир ярим босма табоқ ҳажмда тайёрланади. Ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги диссертация авторефератининг ҳажми кўпи билан 30 фоизга оширилиши мумкин.
  2. Диссертация автореферати қуйидаги техник талабларга мувофиқ тайёрланади ва рисола шаклида чоп этилади:
  • матни А4 форматдаги қоғоз варағининг бир томонида жойлаштирилади;
  • стандарт варақ 1 қатор оралиғида («одинарный») ёзилиши лозим. Ҳар бир бет: юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1 см га тенг ва бир хилда бўлади;

рисоланинг ўлчами 21,5 х 14,5 см бўлади.

  1. Бетлар асосий муқовадан бошлаб охирги варақгача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида «5» рақамидан бошлаб ёзилади. Асосий муқова ва унинг орқа томони ҳамда ички муқовалар ва уларнинг орқа томонларига тегишли бетнинг рақами қўйилмайди.
  2. Диссертация автореферати таркибий қисмларининг бош сарлавҳалари («Мундарижа», «Кириш (Докторлик диссертацияси аннотацияси)», «Диссертациянинг асосий мазмуни», «Хулоса», «Эълон қилинган ишлар рўйхати») бош ҳарфларда ёзилади. Уларнинг тагидан 12 ўлчамли («пт») оралиқ қолдирилиши керак.
  3. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан келишилган.

 

19.11.2016, 15:09 6178

    Spelling error report

    The following text will be sent to our editors: