• UZRUEN
  • uzbekistan flag uzbekistan emblem

ЎЗБЕК ТИЛИ ЎТМИШДА ҚАНДАЙ АТАЛГАН?

13.10.2017, 17:59 Yangiliklar 9138

 

Қосимжон СОДИҚОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Халқ ва тилининг ёши ҳар қачон ҳам у аталаётган от тарихи билан ўлчанавермайди. Чунки муайян тил ўз тарихи давомида бир қанча ном билан юритилган бўлуви мумкин. Бунинг мисоли: ҳозирги “ўзбек”, “ўзбек тили” атамаларининг келиб чиқиш тарихи у қадар эски эмас. Аслида эса ўзбек халқи ва тилининг тарихи жуда эски замонларга илдиз отган бўлиб, ҳозирги отининг тарихи унинг ёшини ўзида акс эттирмайди. Ўтмишда ҳозирги ўзбеклар ва уларнинг тили бир қанча ном билан атаб келинган.

Қадимги турк ижтимоий-сиёсий муҳитида “халқ, улус” тушунчасини  bodun, el-kün, ulus сўзлари ифода этган. Бизгача етиб келган илк ёзма обидаларда туркий қавмларнинг отлари ҳам тилга олинади. Масалан, кўк турк битигларида туркий қавмларнинг умумий оти türk (türk, türk bodun) деб аталган. Туркий қавмлар эса oğuz (бу қавм уюшмалари säkiz oğuz, toquz oğuz дейилган), uyğur, tatar (tatar, toquz tatar, otuz tatar), qarluq, qïpčaq, qïrqïz, basmïl отлари билан қайд этилади. Баъзан булар bodun сўзи билан бирикма шаклида ҳам қўлланган: oğuz bodun, toquz oğuz bodunï, qarluq bodun, “мамлакат, юрт” тушунчасини el сўзи ифодалаган: türk qïpčaq eli сингари. Муҳими, ёзма манбаларда туркий тил ва унинг диалектлари ана шу қавмларнинг оти билан атоғлиқ. Бу атамалар til сўзи билан ҳам қўшиб ишлатилган. Масалан: oğuz tili, uyğur tili.

Энди туркий (ўзбек) тилнинг ўтмишдаги отларини ёзма ёдгорликлар мисолида кўриб чиқайлик.

Туркий тилнинг ўтмишда кенг қўлланилган отларидан бири türk (türkčä, türk tili) атамасидир. Бу от буддизмнинг VII–IX асрларга мансуб “Майтри симит нўм битиг” асарида қўлланган. Чунончи, асарда Партанаракшит Карнаважики отли киши уни тўхри (тоҳар) тилидан турк тилига таржима қилганлиги қайд этилади: Partanarakšit Karnavajiki türk tilinčä ewirmiš Maytri simit nom bitig (MS.145).

X асрда яшаб ўтган бешбалиқлик машҳур таржимон Шингку Шели тутунг ҳам ўз таржималарида ана шу атамани қўллаган. Унинг тавғачча (хитойча) версия асосида туркийга ўгирилган “Сюань-цзан кечмиши” асари турк тилида эканлиги таъкидланади: Tawğač tilintin yana bešbalïqlïğ Šïŋqu Šeli tutuŋ yaŋïrtï türk tilinčä ewirmiš (“Тавғач тилидан яна бешбалиқлик Шингку Шели тутунг турк тилига ўгирди”) (СЦ.V.87). Türk tili атамаси Шингқу Шелининг бошқа бир таржимаси – “Вужуд ва кўнгилни англаш китоби”да ҳам учрайди. Унда асар қандай тилдан ўгирилгани тўғрисида шундай маълумот берилган: Šïŋqu Šeli tutuŋ tawğač tilintin türk tilinčä ewirü tegintim (“Шингқу Шели тутунг тавғач тилидан турк тилига таржима қилдим”) (Hazai 1975,95). Лекин бу таржимон ижодига мансуб “Олтун тусли ёруғ” сутрасининг якунида асар тавғаччадан турк-уйғур тилига ўгирилган деб қайд этилган: bešbalïqlïğ Šïŋqu Šeli tutuŋ tawğač tilintin türk uyğur tilinčä ikiläyü ewirmiš Altun öŋlüg yaruq yaltïrïqlïğ qopta kötrülmiš nom eligi atlïğ nom bitig tükädi (“Бешбалиқлик Шингқу Шели тутунг тавғач тилидан турк-уйғур тилига таржима қилган “Олтин рангли нурли ялтироқли ҳаммадан устун турадиган нўм тождори” отли нўм битиг тугади”). Чамаси, мазкур атама асар қулёзмасининг кўчирилган даври (XVII аср) билан боғлиқ қўлланган чиқар.

Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достонида асарнинг тили türkčä деб аталган (türkčä qošuq, türkčä masal сингари):

 

Bu türkčä qošuqlar tüzättim seŋä,

Oqïrda unïtma du‘a qïl meŋä.

 

(“Бу туркча қўшиқларни сен учун битдим,

Ўқирда унутма, мени дуо қил”) (ҚБ.58).

 

Алишер Навоий ўз асарларида туркий тилда сўзлашувчиларни türk (türk, türk ulusï), türkîgoular, atrāk номлари билан тилга олади. Туркий тилни эса türk (türk tili, türk lafzï, türk alfā), türkčä (türkčä, türkčä til), türkî (türkî, türkî alfāz) деб атайди. Улуғ мутафаккирнинг таъкидлашича, унинг асарлари ана шу тилдадир. Масалан, “Лисону-т-тайр”да бу тўғрида шундай сатрларни ўқиймиз:

 

Türk alfāzï bilä sürdüm maqāl (LT.253).

Türk alfāzï bilä taptï adā (LT. 271).

 

Шундан келиб чиқиб, Навоий туркий шеъриятни türk nazmï деб атаган эди.

Навоий қўллаган атамани Заҳириддин Бобур асарларида ҳам учратамиз. Масалан, у “Бобурнома”да Андижон тўғрисида маълумот бера туриб, элини türk, унинг тилини türkî деб атайди (БН.6). Ёки Навоий ижоди ҳақида фикр юритиб, туркийда “ҳеч ким унингдек кўп ва хўп” битмаганлигини таъкидлайди: türkî til bilä tā še‘r aytupturlar, heč kim anča köp va xob aytqan emäs (БН.153).

Муҳаммад Солиҳ ўзининг “Шайбонийнома” асарида Шайбонийхон фазилатларини таърифлар экан, унинг туркий асарларини türkî ab’yāt, тилини эса türkčä til деб атаган:

 

Türkî ab’yātï erür šarbat-ï nāb,

Fārsî še’rlarï ham serāb (ШН.29).

 

Türkčä til bilä imālarï bar (ШН.30).

 

Бу атама кейинги асрларда яратилган асарларда ҳам учрайди. Лекин türk атамасининг қўлланув доираси торайган: уни Анатўли туркларигина ўзининг ва тилининг оти сифатида сақлаб қолди. Бутун туркий тиллар оиласига нисбатан эса tirkî ( türkî, türkî tillär сингари) атамасини қўллаймиз.

Ҳозирги замон ориенталистикасида XV асрнинг иккинчи ярими – XVI аср бошларидаги туркий адабиётнинг классик босқичини “чиғатой адабиёти”, тилини эса “туркий”, “эски ўзбек тили” номлари билан ёнма-ён “чиғатой тили”, “чиғатой туркийси” деб аталмоқда. Ушбу атаманинг келиб чиқиши Чингизхоннинг ўғли Чиғатойхон отига боғланади. Маълумки, Чингизхон ўзи босиб олган ерларни ўғилларига улашганда, Ўрта Осиё ерлари Чиғатойга теккан эди. Шунга кўра, бу ерлар “Чиғатой эли”, ерли халқлар эса “Чиғатой улуси”, халқнинг тили эса “Чиғатой тили” деб аталган. Бу от ўзининг семантик тараққиёти давомида киши отидан маъмурий, ижтимоий-сиёсий ва маданий атамага айланган. Таъкидлан керакки, “Чиғатой улуси”, “Чиғатой тили” атамаларининг мўғулларга ёки уларнинг тилига ҳеч бир боғлиқлиғи йўқ. Чунки, бу ўлкада мўғуллар эмас, туркий улус яшаган. “Чиғатой тили” атамаси ҳам туркий тилнинг (эски ўзбек тилининг) нисбий атамасидир.

Čïğatay сўзи атама сифатида XIII асрдан бошлаб қўлланилган. Манбаларга қараганда, бу атама бошлаб (XIII–XIV асрларда) Чиғатойхон сулоласи (турк-мўғуллар), давлат ҳокимиятининг олий табақа вакиллари, шунингдек, черикка нисбатан қўлланилган. Кейинчалик (XV асрда) бутун Мавороуннаҳр ва Хуросондаги турк улусига нисбатан, XVI асрдан бошлаб Мавороуннаҳрдаги ҳам туркий, ҳам форсий тилли улусга нисбатан қўлланилган (Благова 1982,155–156).

XV–XVI асрларда бу атаманинг ижтимоий-сиёсий вазифаси ўта кенгайган бир шароитда бутун Маворауннаҳр элини, унинг халқини, халқининг тилини ҳам ифодалай бошлади: юртини, элини Čïğatay, Čïğatay eli, халқини Čïğatay ulusï, унинг тилини эса čïğatay türkîsi дейилди. Жумладан, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” асарида:

 

Čïğatay el meni özbek demäsün,

Behuda fikr qïlïp ğam yemäsün (ШН.111).

 

“Абушқа” луғатида “юрт” маъносида Čïğatay, Čïğatay diyārï атамалари қўлланилган (DDT.96,276).

XVI асрда юз берган темурийлар салтанатининг инқирози ва Маворауннаҳрда шайбонийлар ҳокимиятининг барпо этилуви, ўзбек-қипчоқларнинг бу ўлкага кириб келуви оқибатида ушбу атама ҳам истеъмолдан чиқа бошлади.

XIV асрда яратилган “Китоб-и таржумон-и туркий” асарида “туркий”, “туркий қипчоқ тили” ҳамда “туркманча”, “туркман тили” атамалари учрайди. Муаллифнинг таъкидича, китоб “туркий қипчоқ тили” қоидаларига бағишланган. “Туркманча” ёки “туркман тили” материаллари эса ўрни-ўрни билан қиёс сифатида келтирилади (қаранг: Юнусов 1980,29-89). Чамаси, ушбу асарда “туркий”, “турк қипчоқ тили” атамаси билан қипчоқ лаҳжаси, “туркманча”, “туркман тили” дейилганда эса ўғуз лаҳжаси кўзда тутилган.

“Аттуҳфату-з-закийату фил-луғатит туркийа” асарида ҳам китоб туркий (қипчоқ) тили грамматикасига бағишланганлиги таъкидланган. Ушбу асарда ҳам, ўрни билан, “қипчоқ тили”, “туркман тили” атамалари учрайди (AZFT,3).

Алишер Навоий “Насойиму-л-муҳаббат”да Сайид Насимий ҳақида маълумот бера туриб, шундай ёзади: Sayid Nasimî – ‘Irāq va Rum tarafïdağï mülkdin erkändür. Rumî va türkmänî til bilä nazm aytïpdur (NM.437). Бу жумлада Навоий Rumî va türkmänî til атамасида туркийнинг ўғуз лаҳжасини кўзда тутган.

Ўтмишда ўзбек халқи ва унинг тилини англатган атамалардан бошқа бири sart дир. Sart  (<скр. sartha) сўзи Юсуф Хос Ҳожиб ва Маҳмуд Кошғарий асарларида “савдогар” маъносини билдирган. Масалан, “Қутадғу билиг”да: Nekü ter ešitkil bu sartlar bašï (“Бу савдогарлар боши нима дейди, эшитгин”) (ҚБ.474). Ёки: Sartnïŋ azuqï arïğ bolsa, yol üzä yer (“Савдогарнинг моли тоза бўлса, йўл устида ёяди”. Сўзма-сўз: “Савдогарнинг озиғи ҳалол бўлса, йўл устида ейди”) (МК.I.97).

Ушбу сўз этноним сифатида кейинги даврлардан бошлаб ишлатилган. У бошлаб форсигўйларни, кейинчалик туркий ўтроқ (шаҳар) улусга нисбатан ҳам қўлланилган.

“Муҳокамату-л-луғатайн”да Алишер Навоий форсий тилда сўзловчиларни sart (sart, sart ulusï, sart eli) ҳамда fārsîgoy отлари билан тилга олади. Уларнинг тилини эса sart tili, sart lafzï, fārsî (fārsî, fārsî til, fārsî alfāz) деб атайди.

Бу сўзнинг “Бобурнома”даги маъноси эътиборга молик. Заҳириддин Бобур Марғилон (Marğïnān)ни таърифлар экан, унинг эли сартлар эканини таъкидлайди. У ёзади: Eli sarttur va muštzan-u puršaru šor eldür. Jaŋaralïq rasmï Māvarāunnahrda šāyedur. Samarqand-u Buxārāda nāmdār jaŋaralar aksar marğïnānidur (БН.7).

Кобул вилоятининг таърифида sartlar ни тожик ва атрок (турклар) билан қориштирмайди; айри олади. У шундай ёзади: Julgasïda va tüzläridä atrāk-u aymaq va ’arābdur. Šahrïda va ba’zi kentläridä sartlardur. Yana ba’zi kentläridä va vilāyatïda pašāyi-vu parāji va tājik-u baraki va afğāndur (БН.120). Ушбу вилоятда яшовчи элларнинг тили хусусида ёзади: On bir-on ikki lafz bilä Kābul vilāyatïda talaffuz qïlurlar: ’arabî, fārsî, türkî, moğulî, hindî, afğānî, pašāyî, parājî, gabrî, barakî, lamğānî. Munča muhtalif aqvām-u muğāyir alfāz ma’lum emäs-kim, heč vilāyatta bolğay (ўша жойда).

“Бобурнома”дан олинган мисолларга эътибор берилса, муаллиф Кобул вилоятидаги халқларнинг тили тўғрисида маълумот берар экан, “сарт” ёки “тожик” тилини эсламайди, у арабий, форсий, туркий, муғулий ва бошқа тилларни эслайди, холос. Яна Бобур Марғилон элини ҳам “сартлар” деб атайди. Чамаси, марғилонлик сартлар дейилганда устачилик билан шуғулланувчи (ўтроқ ҳаёт кечирувчи) тоифа кўзда тутилган кўринади. Булардан англашиладики, sart атамаси ўша чоғлар ҳам форсий, ҳам туркий тилли ўтроқ, шаҳар аҳолисига нисбатан қўлланилган.

Муҳаммад Солиҳ ҳам “Шайбонийнома”сида Самарқанд қамалини таърифлаб, унинг халқини sart деб тилга олади:  Sartlar asru zabun boldïlar (ШН.125). Бу ўринда ҳам sart атамаси ўтроқ, шаҳар элига нисбатан қўлланилган.

XVII аср тарихчиси Абулғозий асарларида ҳам sart атамаси бор. Шунингдек, XIX аср Қўқон тарихчиларининг асарларида-да бу от тез-тез учраб туради. Бу кезлар XIII асрда Ўрта Осиёга келиб ўрнашган ўзбек қавмидан бошқа туб аҳоли (туркий ва тожиклар) sart дейилган, чамаси. Шу сабаб бўлиб, XIX асрнинг иккинчи ярмида рус тилшунослари ўз грамматикаларида ўзбек тилини “сарт тили” (сартовский язык) деб атаганлар.

Энди özbek атамаси тўғрисида икки оғиз. Бу атаманинг келиб чиқишини турлича талқин қиладилар. Баъзи олимлар бу атамани Олтин Ўрда хони Ўзбекнинг (1312–1342) отига боғлайдилар. Уларнинг фикрича, Ўзбекхон қарамоғидаги улус кейинчалик özbek отини олган. Бошқа бир олимлар бу қарашни қўлламайдилар. Уларнинг таъкидлашича, XIV–XV асрларда Оқ Ўрдадаги турк-мўғул қавмлари шу от билан юритилган. Ўзбекхон эса Кўк Ўрданинг хони бўлиб, ўзбек қавмлари унга бўйсунмаганлар (қаранг: Аҳмедов 1992,10–11).

Özbek атамаси XIII–XIV асрларда яратилган форсча ва арабча манбаларда (жумладан, Жувайний, Рашидиддин, Хондамир ва бошқаларнинг асарларида) ҳам учрайди. Уларда бу атама Дашти Қипчоқда яшовчи турк-мўғул қавмига нисбатан қўлланилган. Ҳатто айрим манбаларда Тўхтамишнинг ўзбек хони эканлигига ишора бор (қаранг: ўша жой ва кейинги бетларда).

Кейинги давр манбаларининг гувоҳлик берувича, бу атаманинг маъноси кенгайиб, уруғлар уюшмасини ҳам англата бошлаган. Чунончи, Масъуд ибн Усмон Кўҳистонийнинг ёзишича, ўзбекларнинг таркибига йигирмадан ортиқ турк-мўғул қавмлари кирган. Ёки Рўзбекахон (XVI аср) ўзбекларнинг уч тоифадан иборат эканини таъкидлайди: улар Шайбон улусига қарашли барча қабилалар, қозоқлар ва манғитлардир (Аҳмедов 1992,13–14).

Кейинчалик Дашти Қипчоқдаги ўзбеклар уюшмасига кирган қавмларнинг муайян қисми ўша ердаги қозоқ, қорақалпоқ, бошқирд ва б. таркибига қўшилиб кетганлар. Муайян қисми Шайбонийхон қўшини билан бирга Ўрта Осиёга кириб кела бошладилар ва шу ерда турғун яшаб қолдилар. Шайбонийхон черигининг катта қисми ҳам ўзбеклардан эди.

XIII асрга қадар Маворауннаҳр ва Хуросон турклари ўзларини özbek демаганлар. Бора-бора бу ўлкага келиб ўрнашган ўзбекларнинг мавқеи орта боради; давлат бошқаруви ҳам кўпроқ шуларнинг қўлига ўта бошлайди. Ана шундай тарихий жараён таъсирида ерли турклар ҳам özbek деб атала бошлади. Шуниси диққатга сазоворки, келиб ўрнашган қавмлар бурун қайси уруғ-қабилага тегишли бўлсалар, кейинчалик ҳам, ҳатто ХХ аср бошларигача аждодий-қабилавий бўлиниш-белгиларини сақлаб келдилар. Яқин-яқингача ўзбеклар орасида “қўнғирот уруғи”, “найман уруғи”, “манғит уруғи” сингари отларнинг сақланиб келганлиги бежиз эмас.

Юқоридаги маълумотлардан ҳозирги ўзбек халқи XIV юзйилликда Дашти Қипчоқда юзага келган, деган мутлақо ғайри илмий хулоса келиб чиқмаслиги керак. Ўрта Осиёда қадимдан яшаб келган туркий туб аҳоли ҳозирги ўзбек халқининг ота-боболаридир. Дашти Қипчоқдан “ўзбек” номини олган қавмнинг келиб ўрнашиши ҳозириги ўзбекларнинг тўлиқ таркиб топишидаги кейинги босқичлардан бири, холос. Уларга қадар ерли туркий халқ бошқа отлар билан аталар эди. Ҳозирги отини эса, кейинчалик, ўзларига келиб қўшилган ўзбеклардан олдилар. Демак, атама тарихи халқ тарихига мутлақо тенг эмас.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳозириги ўзбекларнинг шаклланувида Дашти Қипчоқдан келган туркий улуснинг таъсирини мутлоқ инкор этиб ҳам бўлмайди. Ҳозирги ўзбек халқи узоқ тарихий тараққиёт таъсирида, турли элат-уруғларнинг бирикувидан ташкил топган. Буни ўзбек шеваларининг ўта хилма-хиллигида ҳам кўриш мумкин.

Özbek атамаси этноним сифатида XIV асрдан бошлаб қўлланилган бўлса-да, тилга нисбатан кеч амал қилган. Чунончи, ўша кезлар ўзбек қавмининг шеваси özbek tili деб эмас, türkî, qïpčaq tili деб аталган. Қипчоқ шевалари кейинчалик ҳозирги тилшунослигимизда “эски ўзбек адабий тили” деб аталаётган ёзма тилга  ҳам таъсир эта бошлаган. Лекин у эски ўзбек адабий тилининг таянч диалектига айланган эмас. Яъни адабий тил ситуациясида кейин қўшилган улуснинг диалекти у қадар ҳал этувчи ўринга кўтарила  олгани йўқ. Чунки бу давр Мовароуннаҳр ва Хуросон адабий  муҳитида қадимги ва эски туркий адабий тил анъаналари ва таъсири устувор эди. Бинобарин, XIII–XVI юзйилликлардаги классик адабий тил (“чиғатой туркийси”) шу анъана таъсирида шаклланган. Ўзбек адабий тилининг кейинги даврлардаги тараққиёти ҳам бевосита айни адабий тил давомида туради. Бу тадрижий жараённи XVII асрдан XX аср бошларигача яшаб ўтган Абулғозий, Машраб, Огаҳий, Муқимий, Фурқат ва б. ўнлаб мумтоз адабиётимиз намояндаларининг асарлари тилида яққол кузатиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тили жуда узоқ тарихга эга бўлиб, унинг ҳозирги оти тил тарихини ўзида тугал акс эттирмайди. Худди шундай ҳолни бошқа туркий (масалан, уйғур, қозоқ ва б.) тилларда ҳам кузатамиз. Бу ҳодиса туркий тилларнинг, шулар қатори, ўзбек тилининг ўта мураккаб жараённи босиб ўтганидан далолат беради.

Ўзбеклар ҳозирги отини кейинчалик қабул қилди ва узоқ асрли тилини ҳам шундай атай бошлади. Бунга қадар ўзбек тили türkčä, türk tili, türkî, čïğatay tili ва бошқа номлар билан атаб келинган.

 

Адабий тилнинг тарихий аталиши

 

Ёзма манбаларда, туркий адабий тил турлича аталган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғатит турк”да ўз даври етакчи диалектларини (шарқий диалектларни) умумлаштириб “турк тили”, қолганларини эса ўз номлари (ўғузча, қипчоқча) ва б. билан атайди. Ана шу “турк тили” ўрнида “хоқония тили”, “хоқония туркчаси” номини ҳам қўллаган. Бу билан у қорахонийлар давлатининг марказий ўлкаларида яшовчилар лаҳжаси (адабий тилга асос бўлувчи етакчи лаҳжалар)ни назарда тутади: “Тилларнинг енгили ўғузча, энг тўғриси, яхшиси яғма, тухси кабиларнинг тили ва шунингдек, Ила, Эртиш, Ямар, Этил водийларидан уйғур шаҳарларигача бўлган жойларда яшовчилар тилидир. Буларнинг ичида энг очиқ ва равон тил хоқония ўлкасида яшовчиларнинг тилидир “ …” Шаҳар ўртасида турувчилар хоқоний туркчасида сўзлайдилар” (МК.I.66). Маҳмуд Кошғарий ушбу “турк тили”, “хоқония тили”, “хоқония туркчаси” атамалари билан ўз даври туркий адабий тилини кўзда тутган эди.

Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида türkčä билан бир қаторда buğraxan tili, xan tili атамалари ҳам қўлланган. Мисоли шундай: Türkistän ellärindä buğraxan tilinčä bu kitābdïn yaxšïraq hargez-kim ersä tasnif qïlmadï (“Туркистон элларида буғрахон тилида бирор кимса ҳаргиз бу китобдан яхшироқ ёзган эмас”) (ҚБ.48). Бу билан, чамаси, Буғрахон қарамоғидаги ўлкаларда яшовчилар лаҳжасига таянган адабий тил кўзда тутилади.

Адиб Аҳмад Югнакий ўзининг “Ҳибату-л-ҳақойиқ” асари тўғрисида сўз юритиб, унинг  туркий тилда эканлигини таъкидлайди. Унинг келтирган байти: Anïn uš čïqardïm bu türkî kitāp (“Шунингдек, бу туркий китобни ижод қилдим”) (АН.473). Асарнинг 1444 йили кўчирилган самарқанд қўлёзмасида Амир Арслон тархон маснавийси достонга илова қилинган. Амир Арслон маснавийсида қайд этилишича, муаллиф бу китобини kašğar tili~kašğarî til да ёзган:

 

Tamami erür kašğarî til bilä,

Ayïtmïš adib riqqat-i til bilä.

 

Ägär bilsä kašğar tilin har kiši

Bilür ol adibnïŋ nekim aymïšï.

 

((Китоб) кошғар тили билан ёзиб тугалланди,

Адиб уни бадиий тилда ижод қилди.

 

Агар ким кошғар тилини билса,

Адибнинг айтганларини англаб етади) (АН.499–502).

 

Ушбу байтлардаги kašğar tili~kašğarî til атамаси қорахонийлар марказий ўлкасидаги кошғар лаҳжаси (адабий тил) назарда тутилган дейиш мумкин. Ушбу атама Маҳмуд Кошғарий қайд этган “хоқония тили”нинг ўзидир. Чунки девонда қашқарликлар “хоқония туркчаси” да сўзлашлари таъкидланган (МК.I. 66).

Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Амир Арслон тархон маълумотларидан қорахонийлар даври туркий адабий тилига етакчи диалектлар асос бўлиб хизмат қилганлиги аён бўлади. Ушбу ёзма адабий тил “турк тили”, “хоқония тили”, “буғрахон тили”, “кошғар тили” сингари отлар билан аталган. XIII–XV асрларда юзага келиб такомил топган “чиғатой тили”, “чиғатой туркчаси” ана шу адабий тилнинг давомида туради.

Бу кезларда čïğatay tili атамаси türkčä, türkî атамалари билан ёнма-ён қўлланилиб, китобий адабий тилни фарқлаш учун ҳам хизмат қила бошлади. Абулғозийнинг “Шажараи тарокима”да келтирган қуйидаги маълумотлари бунга далилдир. Тарихчи ёзади: Hamma uluğlar ham āddiî kišilär tüšünsün dep, men bu tarixnï türkî til bilän aytdïm. Türkîni ham andaq aytup-men-kim, beš yašar oğlan tüšünür. Tüšüniš asan bolsun dep men čïğatay türkîsidin, fārsîča va arabčadïn bir dāna ham söz qošmadïm. Бу ўринда čïğatay türkîsi дейилганда XV–XVI асрлардаги китобий тил кўзда тутилган. Ушбу атама ҳам қорахонийлар даври манбаларида қўлланган “буғрахон тили”, “хоқония тили”, “кошғар тили” атамалари сингари адабий тилни англатади. Темурийлар замонида Мовароуннаҳр ва Хуросон адабий, маданий муҳитида шаклланган адабий тил (“чиғатой туркийси”) шу ўлкадагина эмас, балки бутун турк-мусулмон муҳитининг китобий адабий тили даражасига кўтарилган эди.

 

МИСОЛЛАР КЕЛТИРИЛГАН МАНБАЛАР

 

AH – Адиб Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибату-л-ҳақойиқ” достони: Arat 1992,4181.

AZFT – Аттуҳфатуз закияту филлуғатит туркия (Туркий тил (қипчоқ тили) ҳақида ноёб туҳфа). Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. Муталлибов. Тошкент, 1968.

БН – Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Тошкент, 1989.

DDT – Dictionnnaire Djaghatai-turc. V. de Viliaminof-Zernof. SPb., 1869.

LTAli Şir Nevayi. Lisanü’t-tayr. Hazırlayan M. Canpolat. Ankara, 1995.

МК – Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк I–III. Тошкент, 19601963.

ML – ‘Ali Şir Nevayi. Muhakemetü’l-luğateyn (İki Dilin Muhakemesi). Hazırlayan F. Sema Barutçu Özönder. Ankara, 1996.

MS – Qadimki uyğur yeziğidiki “Maytri simit”’ I. Ürümči, 1987.

NMAli-şir Nevayi. Nesayimü’l-mahabbe min Şemayimi’l-fütüvve. I Metin. Hazırlayan K. Eraslan. Ankara, 1996.

СЦ – Тугушева Л.Ю. Уйгурская версия биографии Сюань-цзана. М., 1991.

ШН Муҳаммад Солиҳ. Шайбонийнома. Нашрга тайёрловчи Э. Шодиев. Тошкент, 1989.

ҚБ – Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. Нашрга тайёрловчи Қ. Каримов. Тошкент, 1971.

 

ИЛМИЙ АСАРЛАР

 

Аҳмедов 1992 – Аҳмедов Б. Ўзбек улуси. Тошкент, 1992.

Благова 1982 – Благова Г.Ф. Тюркское склонение в ареально-историческом освещении. М., 1982.

Arat 1992 Edib Ahmed b. Mahmud Yükneki. Atebetü’l-hakayık. R.R. Arat. Ankara, 1992.

Hazai 1975 – Hazai G. Fragmente eines uigurischen Blockdruck-Faltbuches. – Altorientalische Forschungen, III. Akademie-Verlag. Berlin, 1975. P. 91108.

 

 

Маънавият ва маърифат бўлими

    Spelling error report

    The following text will be sent to our editors: